 |
«ЎЗБЕКТЕАТР» ИЖОДИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БИРЛАШМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 26 март 1998 йил (Фармон сони УП-1980) ташкил этилган.
Фармонда “Ўзбектеатр” бирлашмасининг фаолияти, яъни Ўзбекистонда асрлар оша яшаб келаётган томоша санъати анъаналарини ўрганиш, бойитиш ва тарғиб қилиш, театр санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, театр жамоаларини моддий-техник негизини янада мустахкамлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳатларда театр арбобларининг фаол иштирокини таъминлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи бадиий баркамол саҳна асарлар яратиш асосий мақсад қилиб олинган.
“Ўзбектеатр” бирлашмаси қошида театр ижодкорлари уюшмаси ҳам ташкил этилган. Бирлашманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат эканлиги инобатга олинган:
• Театр ва театр-студиялар ижодий жамоаларини халқимизнинг бой маънавий дунёси, маданий мероси, миллий ва умумбашарий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини мадҳ этувчи, истиқлолни улуғловчи ёрқин саҳна асарлари яратишга йўналтириш, шунингдек, ватанпарварлик ғояларини, миллий-эстетик тамойилларни тарғиб қилишга қаратилган ташаббус ва харакатларни рағбатлантириш;
• Ўзбек халқ томоша санъатлари соҳасидаги бой тарихий меросини чуқур ўрганиш, тадқиқотлар, ўқув қўлланмалар учун шарт-шароит яратиш;
• Театр жамоалари, режиссёрлар, драматурглар, бастакорлар, рассомлар ва балетмейстерларга долзарб мавзуларда буюртмалар бериш, кўрик-танловлар, фестиваллар ўтказиш, илмий анжуман, симпозиум ва семинарлар уюштириш, турли мукофот ва совринлар таъсис этишдан иборат.
• Юқорида кўрсатилган Фармонда “Театр” адабий-бадиий, ахборот-реклама журнали ҳам нашр этилиши кўрсатилган.
• “Ўзбектеатр” бирлашмасининг моддий-техник негизини мустахкамлаш, ижодкорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида бирлашманинг “Артмадад” номли махсус жамғармаси ҳам ташкил этилган.
• Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бошчилигида 37та театр жамоаси фаолият кўрсатиб турибди. 11та театр Тошкент шаҳрида ва 26та театр Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида.
Сиз бизнинг интернет саҳифамиз орқали 37та театр жамоаси ва театр соҳасида амалга оширилаётган ижодий ва маънавий ишлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.
“Ўзбектеатр” бирлашмаси Тошкент шаҳри, Паҳлавон Маҳмуд кўчаси 49-51 уйда жойлашган.
Телефонлар: 136-38-34, 136-02-98, 133-44-08.
| |
|
|
 |
|