 |
«ЎЗБЕКТЕАТР» ИЖОДИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БИРЛАШМАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 26 март “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ-1980-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 май “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 223-сонли Қарори асосида ташкил этилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимига киради.
Бирлашма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Ҳайъат қарорлари, буйруқлари ва топшириқларига биноан олиб боради.
Бирлашманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- Театр ва театр-студиялар ижодий жамоаларини халқимизнинг бой маънавий дунёси, маданий меъроси, миллий ва умумбашарий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини мадҳ этувчи, истиқлолни улуғловчи ёрқин саҳна асарлари яратишга йўналтириш, шунингдек, ватанпарварлик ғояларини, миллий-эстетик тамойилларни тарғиб қилишга қаратилган ташаббус ва харакатларни рағбатлантириш;
- Ўзбек халқ томоша санъатлари (халқ анъанавий театри, майдон томошалари, байрамлар) соҳасидаги бой тарихий меросни чуқур ўрганиш, тадқиқотлар, ўқув қўлланмалари яратиш учун шарт-шароит туғдириш;
- Ижодкорларни ижтимоий муҳофаза қилиш, театрларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ашёлар билан таъминлаш;
- Театрлар жамоалари, режиссёрлар, драматурглар, бастакорлар, рассомлар ва балетмейстерларга долзарб мавзуларда буюртмалар бериш, республика ва халқаро миқёсда кўрик-танловлар, фестиваллар ўтказиш, хорижий давлатларга гастроллар уюштириш, илмий анжиман, симпозиум ва семинарлар ўтказиш, турли мукофот ва совринлар таъсис этиш;
- Иқтидорли ёшларни излаб топиш ва малакали мутахассис кадрлар тайёрлашда олий ва ўрта-махсус ўқув юртларига яқиндан ёрдам бериш;
- Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, “Камолот”, “Умид”, “Олтин мерос” ва бошқа жамғармалар ёрдамида ёш ижодкорлар санъатини тарғиб қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, мамлакатимизда ва чет элларда таълим олиш ва малака оширишларини уюштириш.
“Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тасарруфида 37 та давлат театрлари, жумладан опера ва балет театри 1 та, мусиқий театрлар 3 та, мусиқали драма театрлари 11 та, драма театрлари 7 та, ёшлар театрлари 2 та, ёш томошабинлар театрлари 2 та, театр-студия 1 та, қўғирчоқ театрлари 10 та.
“Ўзбектеатр” бирлашмаси ташкил этилганидан (1998 й.) буён республика театрларининг фаолиятини янада такомиллаштириш учун қатор ишлар амалга оширилди. Ҳусусан, бирлашма ташаббуси билан ёшлар театрларининг "Хумо" халқаро фестивали, “Андижон баҳори”, “Teatre.uz” халқаро театр санъати фестиваллари, опера ва балет санъати йуналиши буйича "Тошкент баҳори" номли халқаро фестивали, Қўғирчоқ театрларининг республика фестиваллари, “Сарҳисоб” Республика театр санъати танлови, Республика театр жамоалари иштирокидаги "37+1" замонавий мавзулардаги спектакллар фестивали, "Дебют" ёш режиссёрларнинг республика курик-фестиваллари, “Сени куйлаймиз замондош” Ўзбекистон театрларининг 1-Республика танлови, Драматургларнинг I-II Республика семинар-кенгаши сингари қатор йирик анжуманлар ўтказилиб келинмоқда.
Юртимиз театрлари сўнги йилларда халқаро майдонда ҳам ўз нуфузларини ошириб боришмоқда. Жумладан, Ўзбек Миллий академик драма театри Миср Араб Республикаси, Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Украина давлатларида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри жамоаси эса ўтган давр мобайнида Россия, Франция, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой каби бир қанча давлатларда, Ўзбек давлат драма театри Францияда, Ўзбекистон Ёшлари театри Россия, Германия, Исроилда, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Фарғона вилоят мусиқали драма театри Польша ва Қозоғистонда, Ўзбекистон академик рус драма театри Россияда, Республика ёш томошабинлар театри Германия, Тожикистон ва Миср Араб Республикаларида, Республика қўғирчоқ театри Америка Қўшма Штатлари, Миср Араб Республикаси, Туркия, Эрон, Покистон ва Россияда, Фарғона вилоят қўғирчоқ театри Германияда, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мусиқий театри Миср Араб Республикасида, Бухоро давлат қўғирчоқ театри Туркманистон ва Миср Араб Республикаларида, Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театри Қозоғистон Республикасида, Асрор Жўраев номидаги Самарқанд вилоят қўғирчоқ театри Жанубий Кореяда, Алишер Навоий номидаги Наманган вилоят мусиқали драма театри Туркманистон Республикасида, Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилоят мусиқали драма театри Тожикистон, Қозоғистон, Миср Араб Республикаларида, Сапар Ҳўжаниёзов номидаги Қорақалпоғистон ёш томошабинлар театри жамоаси Миср Араб Республикаси ва Туркманистонда, Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театри Тожикистон Республикасида ўтказилган халқаро фестивалларда муваффақиятли иштирок этишиб, ўзбек театр санъатини хорижликларга яқиндан таништиришга муваффақ бўлишди.
Ўзбекистон давлат санъат институти, Тошкент давлат маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Миллий рақс ва хоре¬ография олий мактаби, К.Бехзод номидаги Тошкент дав¬лат миллий рассомлик ва дизайн институти билан кадрлар тайёрлаш ва уларни жойлаштириш борасида ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилган ва бу бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бирлашма тизимидаги республика театрлари томонидан ҳар йили 150дан ортиқ янги спектакллар саҳналаштирилиб келинмоқда. Улардан кўпчилиги миллий драматургларимиз қаламларига мансуб. Шуни таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда театрларда ОИТС, гиёҳвандлик, одам савдоси, тероризм, диний экстремизм каби иллатларни фош қилишга қаратилган, тарбиявий аҳамиятга молик спектакллар кўплаб саҳналаштирилган бўлиб, нафақат театрларнинг ўзида, балки мактабларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида муваффақиятли намойиш этиб келмоқда.
Истиқлол йилларида Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, Бобур, Тўмарис, Алпомиш, Ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Ат Термизий, Баҳовуддин Нақишбанд, Увайсий каби аллома аждодларимиз ибратли ҳаёт йўлларига бағишланган туркум спектакллар саҳна юзини кўрди.
Ушбу спектакллар ўзбек халқининг миллат сифатида ўзлигини таниши миллий ғурур ва миллий тафаккурини шакилланишида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга замонавий мавзуларда ҳам кўплаб спектакллар саҳналаштирилиб, халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилиб келмоқда.
Тошкент шаҳри Тараққиёт кўчаси 49/51-уйларда жойлашган
Тел: 236-38-34, факс: 233-44-08, uzbekteatr@mail.ru
| |
|
|
 |
|